Саҳифа ҳақида

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, Пўлкан шоир сулоласининг кенжа вакили, шоира Саодат Пўлканова ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи саҳифамизга хуш келибсиз.

Атоқли халқ бахшиси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоирнинг абираси Саодат Пўлканова 1973 йилнинг 5 ноябрида Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Чиғатой қишлоғида туғилган. 1990-1996 йилларда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. 1994 йил, 22 ёшида Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. Ўзбекистон радиосининг “Адабиёт ва радиотеатр”,” Олтин мерос”, “ Ёшлар канали” бўлимларида фаолият кўрсатган. 

Саодат ўқувчилик йилларидан буён ўзбек адабий жамоатчилигига ўз ижоди билан яхши танишдир. Шеърлари “Гулҳан”, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, Ўзбекистон адабиёти ва санъати” каби қатор матбуот нашрларида мунтазам ёритиб борилган. “Ёшлар овози”, (1987), “Нафосат” (1988) баёзларида, ҳамда “Йўлларимиз баҳорга туташ” (1991) номли Пўлкан шоир сулоласи тўпламидан шоиранинг туркум шеърлари ўрин олган. 1997 йилда “Таъзим” номли шеърий, 2014 йилда “Самарқанд: Муқаддас қадамжолар ҳақида ҳақиқат ва афсоналар” номли насрий китоблари нашр этилган. 

Шоира таниқли журналист ва адиб Юсуф Расул билан оила қурган, уларнинг уч нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан Швециянинг Стокҳолм шаҳрида истиқомат қилади. 

Саодат Пўлканова ўзбек халқ оғзаки ижодиётини тадқиқ ва тарғиб қилиш мақсадида “Пўлкан шоир” гуманитар фондини ташкил этган. Бугунги кунда у Швециядаги Ўзбеклар Жамияти раҳбаридир. 

ЎХШАШЛИК

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,

Қулоғим тутаман қушлар сасига.

Бирининг сайраши ўхшаб кетади,

Бобомнинг жарангдор дўмбирасига.

Қушлар ҳам сайроқи бўларкан шунча,

Мириқиб қарайман узмасдан кўзим.

Парилар юртига келиб қолгандай,

Боғи Эрамларда юргандай ўзим.

Мисли Гўрўғлининг Ғир оти кишнар,

Бобом айтиб берган Чамбил тоғими?

Пастликлар боғлардан ястаниб ётар,

Достонда куйланган Эрам боғими?

Қарайман ҳисларим чўғланиб яна,

Тоғлардан боғларга учиб ўтаман.

Эй она Ватаним, бу чиройингга

Умрим тугагунча қўшиқ битаман.

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,

Қулоғим тутаман куйлар сасига.

Мен ёниб юртимнинг мадҳин куйлайман

Жўр бўлиб бобомнинг дўмбирасига.

”Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Дунёга донғи кетган Пўлкан бахши, унинг таниқли шоир бўлиб етишган Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан, Саодат Пўлкан, Мақсуд Пўлкан сингари фарзандлари-ю набира, чеваралари мана шу афсонавор юртда туғилган, билиб қўйинглар…” 

            Ислом Каримов. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, 

давлат ва жамоат арбоби.