”Пўлкан шоир, Эргаш шоир, Фозил шоир, Ислом шоир минг йиллар ичида битта, иккита туғилиши мумкин. Ўттизлаб достонларни ижод қилган ва ушбу достонларнинг ҳар бир сатрини ёдда сақлай олган улуғ зотлар тарихнинг фахридир. Шунинг учун ҳам уларнинг номи мангудир, ижоди абадий яшайди ва асрлар тарихини машъал бўлиб ёритиб туради”.
Шароф Рашидов,
давлат ва жамоат арбоби.
”Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Дунёга донғи кетган Пўлкан бахши, унинг таниқли шоир бўлиб етишган Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан, Саодат Пўлкан, Мақсуд Пўлкан сингари фарзандлари-ю набира, чеваралари мана шу афсонавор юртда туғилган, билиб қўйинглар…”
Ислом Каримов.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти,
давлат ва жамоат арбоби.
”Бахшилар нафақат халқ ўтмишининг акс-садоси, айни пайтда бугунги куннинг ҳам жарангдор овозидир. Чиндан ҳам шундай: Халқнинг руҳини кўтариб, уни жипсликка ундашида, эзгу мақсадлар сари йўллашда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоир, Ислом шоир Назар ўғли, Фозил Йўлдош ўғли каби халқ достончилик санъатини дунё миқёсига олиб чиққан буюк халқ бахшиларининг хизмати беқиёс”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
”Юзга яқин достонларни куйлаб, созини дилбар оҳангда чалган Пўлкан шоир ва авлодлари Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан. Сабаби Барчиной, Қалдирғоч, Орзигул, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор парилар ёш, беғубор кўнглимда не-не орзуларни уйғотмаган, маъно дурларини теришимга сабабчи бўлмаган дейсиз”.
Чингиз Айтматов,
жаҳон тан олган туркий халқлар ёзувчиси.
Қирғизистон.
”Атоқли халқ бахшиси Пўлкан шоир достон, терма куйлаганда сўз уммонига қўшилиб бораётган дарёга ўхшайди. У мудом тошқин дарёдай вужудидан сараланган сўзларни ташигани-ташиган. Оқар дарё қуримаганидай, Пўлканнинг ҳам сўз бойлиги адо, соб бўлмайди”.
Ҳоди Зарифов,
академик, фольклоршунос.
”Дунёда бахшилар, жировлар кўп. Бироқ, ҳеч бири Ўзбекистонлик, Самарқандлик, Хатирчилик (Жизмонсойлик) бахшига тенг кела олмайди. Чунки, Пўлкан шоир 75та достонни сатрма-сатр ёд билган. Бири иккинчисини такрорламайди. Унинг улкан сўз санъаткорига айланиши бир мўъжиза, Яратганнинг инъоми.
Пўлкан шоирдаги истеъдод мени ҳамиша ҳайратга туширарди. Кўринишидан боладай содда, аммо хотирасининг кенглиги, достон куйлаганда мусиқий оҳангга берилиб, ўзини унутиб, сўз дарёсида сузиб, дилидан чиқаётган ғоя, мақсад, воқеалар силсиласи, асар қаҳрамонларининг айтишувлари — буларнинг ҳаммаси айни пайтда бирин-кетин тизилиб келишларидан ҳар қандай тингловчи ҳам: ”Бунча сўзлар қаердан келади-а” — дея ҳайратланиши аниқ”.
Воҳид Абдуллаев,
академик.
”Ўзбек достончилигини юқори чўққига олиб чиққан сўз хазинабони Пўлкан шоир — халқимизнинг, адабиётимизнинг бахти. Ундаги шоирлик истеъдоди, достонларининг ғоявий ва бадиий камолоти, ижрочилик маҳорати — бундай уйғунлашган нуфузли санъатни эгаллаган ва уни азиз халқимизга етказиб бергани учун қанчалик эҳтиромли қалб сўзларимни айтсам кам деб ўйлайман. Унга таъзим!”
Ҳамид Ғулом,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
Hi, this is a comment.
To get started with moderating, editing, and deleting comments, please visit the Comments screen in the dashboard.
Commenter avatars come from Gravatar.